Омск вилояти губернатори Жиззах ҳокими билан учрашди

Жиззах вилояти ва Омск вилояти ўртасида Омск томони машинасозлик, кимё саноати, кишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Жиззах вилоятига Россиянинг Омск вилояти губернатори бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Омск вилояти губернатори Александр Бурковни вилоят ҳокимлигида қабул қилди.
Александр Бурковнинг сўзларига кўра, шу йил апрель ойида Омск вилояти ҳукумати ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ўртасида алоқаларни ривожлантириш бўйича имзоланган келишув келгуси ҳамкорликни ривожланишида муҳим роль ўйнайди.
Омск томони вилоятда машинасозлик, кимё саноати, кишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича чоралар кўриш ва ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Губернатор Омской области Александр Бурков
Делегацияси аъзолари IT Park Жиззах вилояти филиали фаолияти ва яратилган шарт-шароитлари билан танишишди.
Ташрифнинг иккинчи кунида “Жиззах” ЭИЗда жойлашган “ADM Jizzakh” МЧЖ, “Jizzax kenteks” МЧЖ, “BMB-NRC Agrologistics” МЧЖ ҚК, “Bonu shirinliklari” МЧЖ корхононаларида ишлаб чиқариш жараёнлари ва маҳсулотлари билан яқиндан танишилиб, маълумотлар олинди.
“Жиззах” ЭИЗ дирекцияси биносида Омск вилояти делегация аъзолари ўртасида бизнес-форум ҳамда Жиззах вилояти тадбиркорлари ҳамда Омск вилояти бизнес делегация аъзолари ўртасида B2B учрашувлар бўлиб ўтди.
Тадбир қатнашувчилари Жиззах вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва ҳудуд имкониятлари билан танишишди.
Қайд этилишича, Жиззах вилояти тадбиркорларининг Омск вилоятига ташрифини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Губернатор Омской области Александр Бурков
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Омск вилояти губернатори Александр Бурков 14-16 декабрь кунлари Ўзбекистонда ташриф билан бўлиши маълум қилинганди. Ташриф доирасида Бурканов Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари билан учрашади. Учрашувларда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Россия делегацияси иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади. Қолаверса, Омск вилояти губернатори “Навоий” эркин иқтисодий зонасига боради.