АҚШ Россия билан уруш қилмаяпти ва бундай можарога кириш режаси йўқ – Пентагон

Вашингтон Украинага қандай қурол беришни Москвадан сўрамаслигини урғулади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. АҚШ Россия билан уруш ҳолатида эмас ва бундай можарога киришишни режалаштирмаяпти, деди Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер Москванинг Patriot зенит-ракета комплексларининг Киевга берилиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига изоҳ бериш сўровига жавобан. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
“АҚШ Россия билан урушаётгани йўқ. Биз зиддият қидирмаяпмиз, лекин бор эътиборни Украинага мудофаа соҳасида ёрдам беришга қаратганмиз”, - дейди Райдер матбуот анжуманида.
Унинг таъкидлашича, Вашингтон “Россия Украинага қандай мудофаа ёрдами кўрсатишни белгилашига йўл қўймайди”. Пентагон вакили ҳозирча бу борада “эълон қиладиган ҳеч нарса” йўқлигини таъкидлаб, Patriot мажмуаларини Киевга топшириш эҳтимоли ҳақида ҳам изоҳ бермади.
Аввалроқ Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Москва Украинага Patriot ҳаво мудофаа тизимлари юборилса, улар хизмат кўрсатиш ходимлари билан бирга Россиянинг қонуний нишонига айланиши ҳақида АҚШни олдиндан огоҳлантираётганини айтганди.