ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Ўзбекистонда чўчқа гриппи касаллиги аниқланмаган. Эпидемик вазият эса барқарор. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, республика ҳудудига четдан чўчқа гриппи касаллиги кириб келган тақдирда ҳам ўчоқни қамраб олиш (локализация) ва тугатиш (ликвидация) бўйича барча чора-тадбирлар бошқа ўткир респиратор касалликларида қандай ўтказилса, чўчқа гриппида ҳам худди шундай тадбирлар амалга оширилади.
"Коронавирус эпидемияси тугатилмаганлиги сабабли чегараларимиздаги санитар пунктлар тун-у кун ўз фаолятини давом эттирмоқда улар чет элдан кириб келаётган фуқароларни масофадан тана ҳароратини ўлчаш аппаратлари билан таъминланган", - дейди Мафтуна Саидова.
Маълумот учун, ҳозирда Россия ва Қирғизистонда чўчқа гриппи эпидемияси авж олмоқда. Бишкекнинг Чуй вилоятида касалланиш ҳолатлари кўпайиши сабабли 6 та мактаб карантинга олиниб ёпилди. Ҳозирда вилоятдаги мактаб ва боғчаларда назорат кучайтирилган.