ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Жаҳонда геосиёсий кескинликнинг сақланиб қолиши Ўзбекистоннинг қарз олиш шартларининг қаттиқлашиши туфайли ташқи молиялаштириш имкониятларини қисқартириши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Марказий банки матбуот хизмати эълон қилган шарҳда сўз боради.
“Геосиёсий тангликнинг давом этиши эса ташқи молия бозорларида мамлакатимизнинг “хатар мукофоти”нинг ортишига олиб келиши мумкин”, - дейилади МБ изоҳида.
Қайд этилишича, ушбу омиллар глобал молиявий шароитларнинг қатъийлашиб бориши фонида ташқи молиялаштириш имкониятларининг қисқариш хавфини орттиради.
“Бундай шароитда, ички молиявий ресурслардан самарали фойдаланилиши ва умумий фискал тақчилликнинг қисқартирилиши ташқи таъсирларни минималлаштириш имконини беради”, - дея таъкидлаган МБ.
Ундан ташқари, Марказий банк Ўзбекистон иқтисоди учун эҳтимолий хатарлар сифатида қуйидаги омилларни ҳам санаб ўтди:
Транспорт-логистика ва ташиш нархларининг ошиши;
Глобал иқтисодда эҳтимолий рецессия хавфининг сақланиб қолиши;
Базавий инфляциянинг ўсиш динамикаси.
Ўзбекистоннинг 2022 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, жорий йилда давлат кафолати бўйича ташқи қарз олиш чекловлари 4,5 миллиард доллар даражасида сақланиб қолди. Жумладан, давлат бюджети ва унинг тақчиллигини қўллаб-қувватлаш учун 2,5 миллиард доллар, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 2 миллиард доллар қарз олиш лимити белгиланган.