Наманганда имконияти чекланган болалар учун замонавий ўқув даргоҳи очилди

Мактаб-интернат 300 ўринли ўқув биноси, замонавий спорт зали, стадион, 250 ўринли ошхона ва ётоқхонадан иборат.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани Боғкўча маҳалласида кўриш ва эшитишда нуқсони бўлган болалар учун 46- янги мактаб-интернат очилди. Унда 282 нафар ўқувчи таҳсил олишни бошлади, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ташаббуси билан мактаб-интернатнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда ўқувчиларга эсдалик совғалари улашилди.
1 / 2
2 / 2
Вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Асмонур Режаббоеванинг сўзларига кўра, қурилиш ишларига 14,9 миллиард сўм сарф этилган.
“Бу ерда ўқувчиларга умумтаълим мактаблари дастуридаги барча фанлар сурдопедагог ёрдамида ўқитилади. Ҳозирда мактаб-интернатда 65 нафар педагоглар бўлиб, уларнинг 13 нафари дефектолог мутахассислар саналади”, - деди у.
Мактаб-интернат 300 ўринли ўқув биноси, замонавий спорт зали, стадион, 250 ўринли ошхона ва ётоқхонадан иборат бўлиб, барча қулайликлар мужассам.
“Zamin” халқаро жамоат фонди томонидан 260 нафар ўқувчига махсус эшитиш мосламалари тақдим этилди. Мазкур мосламалар эшитишда нуқсони бор болаларни ижтимоий муҳитда соғлом инсонлардек яшаши ва сифатли билим олишига катта имкон яратади. Мен уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб йиғлаб юбордим”, - дейди мактаб-интернат директори Бахтиёржон Алиматов.
Таълим муассасасида замонавий компьютер жиҳозлари келтирилган бўлиб, уларда имконияти чекланган болаларнинг информатика, компьюьтер технологиялари, IT фанларини ўрганиш учун тўлиқ шароитлар яратилган.
Наманганда имконияти чекланган болалар учун янги ўқув даргоҳи очилди
“46-мактаб-интернатда имконияти чекланган болаларга сифатли таълим бериш йўлга қўйилгани Ўзбекистонда инклюзив таълимга берилаётган эътиборнинг маҳсули саналади. Имконияти чекланган болаларнинг соғлом ривожланишида жисмоний тарбия фанини ўқитилиши муҳим аҳамият касб этгани боис таълим муассасасида замонавий спорт зал ва стадион бир вақтнинг ўзида қуриб битказилди. Ҳозирда педагоглар жисмоний тарбия фанларини иссиқ ва совуқ мавсумларда амалий тарзда ташкиллаштирадилар”, - дейди директор.
Наманганда имконияти чекланган болалар учун янги ўқув даргоҳи очилди
Маълумот учун, ҳозирда Наманган вилоятида имконияти чекланган фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга ихтисослаштирилган ўндан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда 8 та махсус мактаб-интернат фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга касб-ҳунар ўргатиш, таълим бериш, бандликни таъминлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор бериляпти.