Украина бўйича трибунал тузиш ғояси ЕИда бир овоздан маъқулланмади – Боррель

Боррель Украина бўйича алоҳида трибунал тузиш ғояси Европа Иттифоқи ташқи сишлар вазирлари томонидан қўллаб-қувватланмаганини тан олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Европа комиссиясининг Украина бўйича ихтисослашган халқаро трибунал тузиш ғояси яқинда Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг бир овоздан қўллаб-қувватланмади, деб тан олди ЕИ дипломати Жозеп Боррель. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Украинада жазосизликка қарши курашиш учун Халқаро жиноий суддан бошқа нарса керакми ёки йўқми деган баҳс-мунозаралар мавжуд. Мен Европа Комиссияси билан биргаликда вазирларга таклиф киритдим ва биз буни муҳокама қилдик, аммо аниқ натижа бўлмади”, - дейди дипломат Брюсселда инсон ҳуқуқлари бўйича форумдаги нутқида.
Боррель муқобил тузилма яратиш мумкинлигини қўшимча қилди, бироқ бу ташаббусни муҳокама қилиш жараёнини “аниқ жавобга эга бўлмаган қизиқарли муҳокама” деб атади.
Шу билан бирга, у ЕИ “жазосизликка қарши курашиш” учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини қўшимча қилди, бироқ бу йўналишдаги кейинги режаларни эълон қилмади.
Европа комиссияси ноябрь ойи охирида БМТ шафелигида Украина бўйича махсус халқаро трибунал яратиш ташаббуси билан чиққанди. ЕК раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, комиссия ташаббусни илгари суриш учун “халқаро ҳамкорлар билан ишлашга тайёр”.
Кейинроқ Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хон Европа Иттифоқи махсус трибунал яратишни режалаштираётгани “ХЖС олиб бораётган шунга ўхшаш терговга путур етказишини” таъкидлади.
Россия ХЖС аъзоси эмас. Россиянинг БМТнинг Женева штаб-квартирасидаги доимий вакили Геннадий Гатиловнинг РИА Новостига айтишича, БМТ шафелигида механизм яратиш учун ғоя БМТ Хавфсизлик Кенгашида маъқулланиши керак, акс ҳолда Европа Иттифоқи таклиф этаётган “Украина бўйича трибунални” тузиш мумкин эмас.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Россия Киевнинг Украинадаги ҳарбий жиноятлар ҳақидаги айбловларини қатъиян рад этади. Ташқи ишлар вазирлиги Украина бўйича халқаро суд яратиш ғоясини “тор доирадаги иш” деб атади ва у Россия устидан юрисдикцияга эга эмаслигини айтди.
Шунингдек, ТИВнинг таъкидлашича, “на қонли конституцияга зид давлат тўнтариши, на Одессада тириклайин ёқиб юборилган одамлар, на Донбасс аҳолисига қарши кўп йиллик жиноятлар ҳамон терговни фаоллаштириш учун асос бўлган”. ДХРда эса Донбасс жамоатчилиги фаоллари Украина хавфсизлик кучларининг минтақадаги минглаб ҳарбий жиноятлари бўйича иш материалларини ХЖСга юборгани хабар қилинди. Бироқ, шикоятларнинг ҳеч бири бўйича тергов бошланмади.
Қрим парламенти раҳбари Владимир Константинов Украина президенти Владимир Зеленский трибуналга тортилиши ва Киев режимининг Донбасснинг тинч аҳолисига нисбатан жиноятлари учун жавоб бериши кераклигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноий суд прокуратураси 2 март куни Украинадаги ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар юзасидан тергов бошлаганди. ХЖС прокурори Карим Хон 11 март куни суднинг тергов гуруҳи тергов доирасида далиллар тўплашни бошлаганини айтди.