ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. 12 декабрь куни Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков Ашхободга ташриф буюриб, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашди. Бу ҳақда ҳукумат манбалари маълум қилди.
Умурзаков сафари чоғида Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) етказиб бериш бўйича келишувга эришди ва шартнома имзоланди.
Қайд этилишича, агар бу лойиҳа амалга ошадиган бўлса, Ўзбекистонда қиш кунларида юзага келган газ муаммоси тўлиқ ҳал қилиниши мумкин.
Туркманистоннинг TDH давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, учрашувда Сердар Бердимуҳамедов ва Сардор Умурзаков мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари билан бириктирилган стратегик давлатлараро ҳамкорлик бундан буён ҳам ривожланиб боришига ишонч билдирган.