Россия билан ҳамкорликда тирсак бўғими жароҳатларини табиий усулда даволаш йўлга қўйилди

Суяк тўқималарининг туғма ёки орттирилган паталогияларини жарроҳлик йўли билан даволаш жараёнида россиялик мутахассислар билан ҳамкорлик ижобий самара бермоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Ўзбекистонда россиялик мутахассисилар иштирокида тирсак бўғими жароҳатларини Илизаров усулида тиклаш амалиёти жорий этилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида тирсак бўғимини табиий йўл билан тиклашга қаратилган илғор амалиёт жорий этилмоқда.
Мазкур муолажа тури суякларда реконструктив операциялар ўтказиб, беморга Илизаров аппаратини ўрнатиш ҳамда бўғимларнинг ҳаракатини тиклашга қаратилган.
Қайд этилишича, суяк тўқималарининг туғма ёки орттирилган паталогияларини жарроҳлик йўли билан даволаш жараёнида россиялик мутахассислар билан ҳамкорлик ижобий самара бермоқда. Ушбу йўналишда Россиянинг Илизаров номидаги тикловчи траматология ва ортопедия илмий маркази шифокорлари билан ўзаро тажриба алмашинуви мавжуд.
“Марказдаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик мемарандуми асосида янги технологияларни тадбиқ этиб келмоқдамиз. Ушбу келишувларда травматология, ортопедия, жарроҳлик ва реабилитация соҳалардаги муамолларнинг ечимини топиш мақсад қилинган. Масалан, навбатдаги амалиётларимиз тирсак бўғини касалликларини даволашга қаратилган. Тез кунларда беморлар суягини эндопротез ёки пластиналар ёрдамида эмас, балки Илизаров усули асосида табиий йўл билан тиклаш амалиётини йўлга қўйиш кўзда тутилган”, дейди шифокор –травматолог Юрий Солдатов.
Қайд этилишича, бир нечта беморлар янги технологиялар билан операция қилинди.

“Тирсак бўғими инсонда энг мураккаб бўғимлардан бири ҳисобланади. Чунки бу ерда бу бўғим битта бўлгани билан, ичида 3та бўғимдан иборат. Уларнинг бир бирига синхрон ишлашини таъминлаш жуда ҳам мураккаб. Ҳозирги кунда уни таъминловчи юқори технологик эндропротезлар жуда кам. Бунда самара берувчи усуллар - суякларда реконструктив операцияларни амалга ошириш ва унга Илизаров апаратини ўрнатиб, бўғимнинг харакатини тиклашдан иборат”, дейди марказнинг болалар травматологияси бўлими мудири Искандар Хўжанов.

Келгуси йилдан ушбу технологияни нафақат мараказнинг ўзида балки, ҳудудий филиалларида ҳам жорий этиш режалаштирилган.