ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия оқ ва кулранг турна муҳофазаси бўйича ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар берди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Россия Федерацияси Табиий ресурслар ва экология вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Битимни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон - Россия ишчи гуруҳининг навбатдаги учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда томонлар Битимни амалга ошириш бўйича 2019-2021 йилларга тасдиқланган чора-тадбирлар дастури доирасида бажарилган ишлар тўғрисида ахборот беришди. Хусусан, “Умид парвози” халқаро лойиҳаси доирасида оқ турна (Leucogeranus leucogeranus) ҳамда кулранг турна (grus grus) муҳофазаси бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон - Россия ишчи гуруҳининг Битимни амалга ошириш бўйича 2023 йил учун иш режа тасдиқланди ва 2023-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқилди.
Маълумот учун, икки идора ўртасидаги Битим Ўзбекистон президентининг Россияга расмий ташрифи доирасида 2013 йил 11 апрель санасида Москва шаҳрида имзоланган. Ишчи гуруҳнинг аввалги йиғилишлари 2017 ва 2019 йиллари Сочи ва Тошкент шаҳарларида ўтказилган.