ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Ўзбекистонда тарқатилишига илгари рухсат берилган 50 та хорижий телеканаллар умумлаштирилиб, уларнинг асосида 192 та телеканалдан таркиб топган хорижий телеканаллар рўйхатининг янги таҳрири ишлаб чиқилди. Бу ҳақда АОКА матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, рўйхат фуқароларнинг тўлиқ ва холис ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш ҳамда турли манбалардан маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида янгиланмоқда.
Ушбу рўйхатга ижтимоий-сиёсий масалаларни ёритишга ва янгиликлар тарқатишга ихтисослашган 35 та, фильмлар ва сериаллар намойишига мўлжалланган 37 та, “National Geographic Channel” каби илм-фан ютуқларини намойиш этувчи илмий-оммабоп, маърифий йўналишдаги 34 та, болалар ва ўсмирлар аудиториясига мўлжалланган 27 та, спортга оид мавзуларни ёритишга ихтисослашган 20 та ва мусиқий-кўнгилочар контент тарқатувчи 39 та хорижий канал киритилган.
Мазкур рўйхатга киритилган хорижий телеканаллар пуллик телевидение оператор ва провайдерлари тармоқлари орқали тарқатилади (яъни, эфир орқали ёпиқ режимда, кабель ва IP телевидение, мобил алоқа, сунъий йўлдош алоқа тармоқлари ва Интернет платформалар).
“Хорижий телеканалларни Ўзбекистон ҳудудида тарқатиш муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасини тартибга солувчи миллий қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқ нормалари талабларига мувофиқ, хорижий контент эгалари билан тегишли шартномаларни тузган ҳолда ёки уларнинг розилиги билан амалга оширилади”, - дейилади хабарда.
Ўзбекистон ҳудудида тарқатиладиган хорижий телеканаллар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.