Нурафшон давлат университети ташкил этилмоқда

15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети фаолиятини кейинги ўқув йилида йўлга қўйилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Нурафшон давлат университети ташкил этилади. Олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳукуматнинг тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Янги олийгоҳ республикада маҳаллий ишлаб чиқариш, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳамда рақамли иқтисодиёт ва IT соҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ўқув жараёнига ўқитишнинг инновацион шакл ва методлари ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, ҳудудларда замонавий фикрлайдиган, рақобатбардош мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Университетда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан кредит-модуль тизими асосида ташкил этилиши кутилмоқда.
Университетга ўз фаолиятини самарали ташкил этиш учун янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари ва бошқа ёрдамчи биноларни қуриш учун “Nurafshon Business City” савдо марказининг ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратилади.
Қуйидагилар университетнинг асосий фаолияти йўналишларидан бири бўлади:
эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича амалий кўникмаларни эгаллаган профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
меҳнат бозорида рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, шунингдек, замонавий технологиялар бўйича чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни, жумладан замонавий таълим технологияларини татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини таъминлаш.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида 15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети фаолиятини кейинги ўқув йилида йўлга қўйишни топширган эди.