АҚШнинг стратегик бомбардимончи самолёти ҳалокатга учраб, ёниб кетди

Стратегик бомбардимончи Миссури штатида фавқулодда қўнишни амалга оширгач, ёниб кетган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Американинг B-2 стратегик бомбардимончи самолёти Миссури штатидаги авиабазада фавқулодда қўнишни амалга оширгач, ёниб кетди. Бу ҳақда “Military” нашри катта сержант Бет Дель Веккиога таяниб, хабар берди.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларидаги энг янги яширин бомбардимончи билан боғлиқ ҳодиса ўтган шанба куни содир бўлган ва қурбонларсиз якунланган.
“АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг B-2 Spirit самолёти 10 декабрь куни режалаштирилган парвоз вақтида техник муаммога дуч келди ва фавқулодда қўнишни муваффақиятли амалга оширгач, Whiteman учиш-қўниш йўлагида шикастланди”, - дейилади хабарда.
Дель Веккионинг сўзларига кўра, ёнғинни авиабаза ўт ўчирувчилари бартараф этган.
Маҳаллий KMBC телеканали чап қаноти томонга оғишиб қолган ва шикастланган бомбардимончи суратини кўрсатди.