ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. “МДҲ мамлакатлари замонавий адабиёти антологияси. Наср” китобига саккиз нафар замонавий ўзбек ёзувчиларининг ижоди киритилди. Китоб тақдимоти Тошкентда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар ижодкор ва илмий зиёлиларининг XV форумида ўтказилди, деб хабар беради Sputnik мухбири Рамиз Бахтияров.
“Гўзал, серқуёш Ўзбекистонда, Тошкент шаҳрида биз Антологияни тақдим этишдан фахрланамиз. Бунга МДҲнинг ўн бир мамлакатидан келган замонавий муаллифларнинг матнлари киради”, - дейди лойиҳа куратори Мадина Жемухова Sputnik мухбирига берган изоҳида.
Китобга асарлари киритилган 84 муаллифдан саккиз нафари ўзбек. Китобнинг тиражи 2,5 минг нусхани ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, МДҲга аъзо давлатлар ижодкор ва илмий зиёлиларининг XV форуми Тошкентда 14 декабрга қадар бўлиб ўтади. Унинг иштирокчилари – Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг таниқли санъаткорлари, спортчилари ва олимлари.
Бу галги форумнинг мавзуси – “Гуманитар ҳамкорлик – ўттиз йиллик тажриба ва ривожланиш истиқболлари”. Тадбир доирасида “Ҳамдўстлик юлдузлари”, “Ҳамдўстлик дебютлари” мукофотлари топширилади.
МДҲ Ижодкор ва илмий зиёлиларининг форумлари 2006 йилдан бошлаб турли мамлакатларда навбатма-навбат ўтказиб келинмоқда. У ҳар йили ўтказиладиган энг йирик гуманитар тадбир.