Жорий йилда қанча фуқаро ташкиллаштирилган тартибда хорижда ишга жойлаштирилди

Ҳозирда Россия ҳудудида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 1500 нафар фуқаро юборилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Жорий йилда 35 мингга яқин фуқаро хорижий давлатларда манзилли ва ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштирилди. Бу ҳақда АОКАда Ташқи меҳнат миграцияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Таъкидланишича, Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан 112 та шартнома ҳамда меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан 22 та меморандум имзоланишига эришилган.
“Ҳар йили Ўзбекистон меҳнат бозорига 600 000 нафар ишчи кучи кириб келади. Биз уларни тўлиқ иш билан таъминлаш ҳамда хорижда ҳам муносиб иш топишлари учун масъулмиз. Пандемиядан кейин жаҳон меҳнат бозорида сифатли ишчи кучига талаб янада ортди”, - деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаров.
Жорий йилда 35 мингга яқин фуқаро Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Сербия, Германия, Англия ва бошқа хорижий давлатларда манзилли ва ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштирилди.
Агентлик билан ҳамкорлик келишуви имзолаган мазкур иш берувчи ва рекрутинг агентликларининг 82 тасида 14130 та иш ўринлари аниқланди.
Бундан ташқари, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан олтита меморандум имзоланган.
Айни кунгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик келишувига эга иш берувчи ва рекрутинг агентликлари сони 509 тани ташкил этди.
Иш берувчилар талаблари асосида йил бошидан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган 50,7 минг нафардан ортиқ фуқаролар 30 га яқин касбларга касб-ҳунарга ва 6 та чет тилларига ўқишга жалб қилинди.
“Ҳозирда Россия ҳудудида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 1500 нафар фуқаро юборилган. Улар қурилиш, ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ ва бошқа йўналишларда ишламоқда”, - деди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Баҳром Абдувалиев
Жорий йилда субсидия ҳисобига “Ўзагросуғурта” АЖ ва унинг филиаллари томонидан 164 минг 379 нафар меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғи суғурта қилинди.
Хорижга чиқиб кетаётган 1618 нафар фуқарога 3 миллиард 236 миллион сўм миқдорида микроқарз берилган ва кредит қайтмаслик таваккалчилиги суғурта қилинган.
Йил бошидан “Labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва малака имтиҳонларини муваффақиятли топширган 2699 нафар фуқаролар учун имтиҳон харажатлари ҳамда 143 нафар фуқаронинг йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун компенсация тўланган.