ТОШКЕНТ, 13 дек - Sputnik Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри директори Рамиз Усмонов МДҲ мамлакатларининг асосий давлатлараро мукофоти “Ҳамдўстлик юлдузи”га сазовор бўлди.
Мукофот Усмоновга Тошкентда бўлиб ўтаётган МДҲга аъзо давлатлар ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форумида топширилди.
“Ҳамдўстлик юлдузи” мукофоти ҳар йили ташкилотга аъзо ва иштирокчи мамлакатлар вакилларининг ҳамдўстликнинг ривожланишига ҳисса қўшадиган гуманитар фаолиятдаги энг муҳим ютуқлари учун берилади.
Опера хонандаси ва Алишер Навоий театри директори Рамиз Усмонов 1981 йили Жиззах вилоятининг Арнасой туманида таваллуд топган. 1996 йили Юнус Ражабий номидаги мусиқа билим юртининг “рубоб” йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинган. Ундан сўнг таҳсилни “академик вокал” йўналиши бўйича Ўзбекистон давлат консерваториясида давом эттирган.
Усмонов илк халқаро мукофотини Москвада 2008 йилда бўлиб ўтган “Романсиада” кўрик-танловида қўлга киритган. Икки йилдан сўнг артист Озарбайжонда бўлиб ўтган Бул-бул номидаги халқаро хонандалар кўрик-танловида “Энг яхши тенор” номинациясида ғолиб бўлган. 2010 йилда Рамиз Усмонов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига лойиқ кўрилган. 2013 йил Австрияда бўлиб ўтган Competizione dell`Opera халқаро кўрик-танловида иккинчи ўрин, 2014 йилда Минск халқаро 1-Рождество операси танловида гран-прига сазовор бўлган.
Эслатиб ўтамиз: МДҲ мамлакатлари ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форуми 12 декабрдан буён Тошкентда бўлиб ўтмоқда. Ҳамдўстликнинг машҳур артистлари, спортчилари ва илм-фан вакиллари- форум иштирокчилари. Форум мавзуси: “Гуманитар ҳамкорлик- ўттиз йиллик тажриба ва ривожланиш истиқболлари”.
Ижодий ва илмий зиёлилар форуми 2006 йилдан буён МДҲ ҳудудидаги энг йирик гуманитар тадбир ҳисобланади.