ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Россиянинг “Светофор” савдо тармоғи Ўзбекистон бозорига кирмоқда, биринчи дўконлар шу ҳафтада очилиши кутиляпти. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси маълум қилди.
“Мамлакатдаги илк дўконларнинг очилиши 14 декабрь куни Тошкентда, 15 декабрь куни Фарғона ва Андижонда бўлиб ўтади. “Светофор” – Россиядаги энг йирик савдо тармоқларидан бири бўлиб, у нархлар паст савдо дўконларини ўз ичига олади”, - дейилади ваколатхона хабарида.
“Светофор” – Россиянинг арзон нархли супермаркетлар тармоғи. 2020 йил якунларига кўра, у Россиядаги истеъмол товарлари бўйича еттита йирик чакана савдо тармоғидан биридир. Айланмаси, дўконлар сони бўйича тармоқ кучли бешликдан, минтақавий қамров бўйича биринчи ўринда – 76 та ҳудуд туради.
“Светофор”нинг илк дўконлари 2009 йилда очилган. Уч йилда дўконлар сони 37 тага етган. 2021 йил бошида дўконлар сони 2200 тани ташкил этган. 2020 йилда компаниянинг айланмаси 189 млрд рублни ташкил қилган.
2017 йилда “Светофор” Россиядан ташқарида, хусусан, Беларусь ва Қозоғистонда ҳам савдо дўконларини очишни бошлаган. Светофор бир қатор мамлакатлар бозорларига, биринчи навбатда, Европа Иттифоқига, "Mere" савдо белгиси остида кирган. 2018 йилдан 2021 йил бошигача Mere дўконлари Руминия, Германия, Литва, Польша, Украина ва Сербияда очилган.
Тармоқнинг асосий мақсади вилоятда аҳолини энг арзон нархларда товарлар билан таъминлашдан иборат.