ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Татаристон бош вазири ўринбосари Роман Шайхутдинов билан учрашди.
Ҳокимлик хабарига кўра, учрашув давомида Роман Шайхутдинов Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатдан юқори даражага чиқганлигини алоҳида таъкидлаган.
Татаристон томони вилоят билан автомобильсозлик, машинасозлик, энергетика, кимё саноати, металлургия, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича чоралар кўришга ва ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда Салиев ва Шайхутдинов вилоят ҳокимлиги ва Татаристон ҳукумати ўртасида 2022-2023 йиллар учун икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида учрашув протоколини имзолашди ва бу борада қатор таклифлар берилди.
Шунингдек, Шайхутдинов “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” (IT Park) Жиззах вилояти филиали фаолияти ва яратилган шарт-шароитлари билан танишди ҳамда Татаристон “Иннополис” IT Парки билан ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш таклифини берди.