Импорт ва маҳаллий Аи-80 бензини акциз солиғидан озод қилинди

2023 йил 1 мартга қадар АИ-80 бензини учун истисно тариқасида акциз солиғи "ноль" ставкада қўлланилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти АИ-80 русумли автобензин маҳсулотини акциз солиғидан озод қилишни назарда тутувчи қарорни имзолади.

Қарор билан 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар ишлаб чиқарадиган ва тадбиркорлик субъектлари якуний истеъмолчиларга сотадиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун истисно тариқасида акциз солиғини “ноль” ставкада қўллаш белгиланди.

Депутат Расул Кушербаевнинг ёзишича, 13 декабрь соат 00.00 дан бошлаб "Ўзбекнефтгаз"га қарашли барча АЁҚШларда АИ 80 бензини нархи бир литри учун 5700 сўмдан (ҳозир 6800 сўм) сотилишни бошлайди.
2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 апрелга қадар “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” томонидан истисно тариқасида Бизнес омбудсман билан келишилмасдан тадбиркорлик субъектларини уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини текширишга рухсат берилмоқда.
Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Электр энергетикада назорат инспекцияси ўтказиладиган текширувлар натижалари бўйича автобензин маҳсулотларининг ортиқча йўқотишларига ва талон-тарожликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жазо чораларини қўллаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар киритиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, АИ-80 бензини импорти учун акциз солиғи ва уни чакана сотиш учун акциз солиғини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатиб турилиши 7 декабрь куни маълум қилинган эди. Шунингдек, биржа сотувларига қўйилаётган АИ-80 бензинининг кунлик ҳажмини ошириш, нарх ошиши бошланғич нархнинг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслигини таъминлашга қарор қилинган эди.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев эса яқин кунларда бензин 1000-1200 сўмга арзонлашиши кутилаётганини маълум қилган эди.