ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Колумбия пойтахти Боготада оғир атлетика бўйича Париж-2024 Олимпия ўйинларига илк рейтинг очколарини тақдим этадиган жаҳон чемпионатининг бешинчи кунидаги баҳслар ортда қолди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Баҳслар натижасига кўра, 81 килограммда баҳсларда қатнашган Муҳаммадқодир Тоштемиров (343 (156+187) кг) дунёнинг энг кучли оғир атлетикачилари рейтингида еттинчи, Оғабек Тўхтаев (326 (140+180) кг) ўн биринчи ўринлардан жой олди.
Шунингдек, аёллар ўртасида ўзбекистонлик спортчи Нигора Абдуллаева 55 килограмм оғирликда дунё рейтингида 6-ўриндан жой олди.
Эртага, 13 декабрь куни, ўтадиган баҳсларда Шарофиддин Амриддинов Богота супачасига кўтарилади.
Шунингдек, 15 декабрдаги мусобақаларда Ригина Адашбоева ва Турсуной Жабборова, 16 декабрь куни кечадиган медаллар учун курашларда Олимпия ўйинларининг ғолиблари Руслан Нуруддинов ва Акбар Жўраев қатнашади.