ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Оддий ва электрон сигареталарнинг ҳар иккиси ҳам зарарли. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Шуҳрат Шукуров маълум қилди.
Оддий ва электрон сигареталарнинг барчасида никотин ва канцероген моддалар мавжуд. Никотин инсонда жуда кучли қарамликни келтириб чиқаради.
Айниқса, ҳали яхши ривожланмаган марказий асаб тизими бу моддага тез ўрганади. Агар ушбу тизимнинг шаклланиши тахминан 25 ёшгача давом этишини эътиборга олинса, электрон сигареталар ёшлар саломатлиги учун жуда хавфли.
“Бундай маҳсулотларни чекиш юрак-қон томир ва ўпка касалликларини келтириб чиқаради”, - дейди мутахассис.
Оддий ва электрон сигареталарни биргаликда чекиш эса янада зарарли. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳолатларда нафас олиш аъзолари ва юрак-қон томир хасталиклари хавфи 2 бараварга ортади.