Газдан ноқонуний фойдаланган корхоналар сувдан қуруқ чиқиб кетмайди - Сардор Умурзаков

Администрация раҳбари Сардор Умурзаков раислигида Республика штабининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди – тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Ҳудудларда ҳар бир корхона ва ташкилотлар ўрганилиб, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тезкор бартараф этилади ҳамда жавобгарлик чоралари кўрилади. Бу ҳақда Администрация раҳбари Сардор Умурзаков раислигида ўтказилган Республика штабининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди, дея хабар берди ЎзА.
Қайд этилишича, икки кундан буён ҳудудларда ва мутасадди вазирликларда штаблар фаолияти кўрсатмоқда. Лекин, амалий ишлар билан биргаликда жойларда қатор муаммо ва камчиликлар ҳануз кузатилмоқда.
Газ қувурларида босимнинг меъёрдан пастлиги сабабли республика бўйича жами 462та маҳалладаги қарийб 62 мингта хонадонга табиий газ етиб бормаяпти.

"Мана, масалан, Олмалиқдаги ғишт завод газ ҳисоблагичлардаги онлайн модемни узиб, кўрсаткични "ноль" қилиб қўйиб, газ тармоғига ноқонуний уланган. Энг қизиғи, ушбу ҳолат аниқлангач, вилоят прокурори Президент Администрацияси масъулларидан шу заводни тармоқдан узмасликни сўраган. Прокурорнинг манфаати борми, бундай ноқонуний уланишга?", дейди Сардор Умурзаков.

Администрация раҳбарининг таъкидлашича, ушбу завод эгаларининг Ангренда ҳам заводи бўлган. Бош вазир ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигадаги комиссия Олмалиққа келганини эшитиб, дарров Ангрендаги заводини ёпишган. Агар Ангрендаги заводда ҳам қонунбузилиш ҳолати аниқланса, бу бўйича ҳам алоҳида иш қўзғатилиши маълум қилинди.
"Бунақаларнинг орқасида кимлар турганигача топамиз. У ҳоким бўладими, прокурор ёки солиқчими, фарқи йўқ, тадбиркор билан тил бириктирган бўлса, жавобгарликка тортилади. Шунингдек, камида ҳудуд раҳбарларининг бепарволиги масаласи ҳам кўриб чиқилади", дейди Администрация раҳбари.
Бундан ташқари, биргина Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда бир кунда 4 та корхонада табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, Тошкент вилояти Юқори чирчиқ туманида жойлашган “BEAUTY GLASS DECOR” шишани қайта ишлаш корхонаси 2 дона шиша қайта ишлаш печларида табиий газдан фойдаланиб келмоқда. Кунлик табиий газ истеъмоли 7 000 метр кубни ташкил қилади. Бу истеъмолчи куз-қиш мавсумида табиий газдан ажратилиши белгиланган бўлишига қарамасдан, “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали томонидан табиий газ етказиб берилаётганлиги аниқланган.

"Бундай ҳолат қолган барча ҳудудларда ҳам мавжуд. Ҳудудларда ҳар бир корхона ва ташкилотлар ўрганилиб, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, улар тезкор бартараф этилади ҳамда жавобгарлик чоралари кўрилади. Бизларни бу ҳолатга олиб келганлар сувдан қуруқ чиқиб кетмайди. Уларнинг баъзилари ҳозир ичимизда, йиғилишда ўтирибди”, дейди Умурзаков.

Айтилишича, “Ўзтрансгаз”га қарашли компрессор станцияларида ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. Жами 37 та агрегатдан 21 таси таъмирталаб.
“Жўрабек Турсунпўлатович (энергетика вазири), Бекзод Рахматуллаевич ("Ўзтрансгаз" раҳбари) барча агрегатлар зудлик билан ишчи ҳолатига келтирилиши зарур. Носоз агрегатлар бошқа қурилмалар зўриқиш билан ишлашига олиб келиб, техник носозликлар келиб чиқишига ва истеъмолчиларни барқарор табиий газ билан таъминлаш имконини йўққа чиқаради. Бухоро, Навоий, Фарғона ва Тошкент шаҳрида 1485 та маҳалла куннинг маълум бир вақтида электр таъминотисиз қолган. Улуғбек Мавлонович ("Ҳудудий электр тармоқлари " АЖ раиси) республика ҳудудларида аварияларни бартараф қилиш бўйича бригадалар сонини кўпайтириш ва аварияларни тўлиқ бартараф этиш чораларини кўрсин, деди Администрация раҳбари.
Сардор Умурзаковнинг сўзларига кўра, кўмир етказиб бериш кўрсаткичлари Қашқадарё вилоятининг Кўкдала (20 фоиз) ва Қарши (38 фоиз) туманларида ҳамда Навоий вилоятининг Кармана туманида (22 фоиз) анча паст даражада қолмоқда.
Йиғилишда мутасаддиларга кўмир етказиб бериш бўйича тасдиқланган етказиб бериш графиги ижросини қатъий таъминлаш топширилди.