ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида АИ-80 маркали бензин ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми оширилмоқда.
Қайд этилишича, АИ-80 маркали бензиннинг суткалик ишлаб чиқариш ҳажми 850 тоннадан 1000 тоннага, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми эса 30 тоннадан 50 тоннага оширилмоқда.
Ушбу режаларни амалга ошириш мақсадида заводда бензин ва суюлтирилган углеводород гази ҳажмларини оширишга қаратилган тизимли ишлар ташкил этилди.
“Углеводород хомашёсини бирламчи қайта ишлашни ўрнатишдан аввал углеводород хомашёсининг керакли таркибини танлаб, заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини юклашнинг оптимал схемаси аниқланди. Шу билан бирга, "Aspen Unified PIMS"дастурий ечими асосида заводда ишга туширилган оптималлаштирилган режалаштириш модели имкониятларидан фойдаланилади”, дейилади хабарда.
Режалаштирилган кўрсаткичлар бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш учун корхона ва ишлаб чиқариш цехлари раҳбарларидан иборат тезкор штаб тузилган.