Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқариш ҳажмини оширди

Корхона бензин ишлаб чиқариш қурилмаси лойиҳа қувватини 100 фоиздан 115 фоизга оширди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 дек - Sputnik. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқариш ҳажмини оширди, деб хабар қилди корхона матбуот хизмати Sputnik мухбирига.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан Бухоро НҚИЗ 2021 йилга нисбатан АИ-80 русумли автобензиннинг кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 2200 тоннадан 2800 тоннага, суюлтирилган газни эса 14 532 тоннадан 15 700 тоннага оширмоқда, дейилади хабарда.
Корхонада товар бензинлари ва суюлтирилган углеводород гази ишлаб чиқарилишини оширишга қаратилган ишлар тезкорлик билан амалга оширилмоқда. Бензин ишлаб чиқариш қурилмаси лойиҳа қувватини 100 фоиздан 115 фоизга оширди.
Ўз навбатида, ички бозорида нефть-газ маҳсулотларига ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида ишлаб чиқарилган суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш нафақат темир йўл вагонлари, балки юк ташувчи автоцистерналарда ҳам амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, совуқ кунлар келиши мунособати билан Ўзбекистонда табиий газга бўлган эҳтиёж кескин ошди. Энергетика мажмуаси бундай талабга етарли миқдорда жавоб бера олмагани сабабли республикада фавқулодда чоралар кўриш бошланди. Хусусан автотранспорт воситаларига газ қуйиш таъқиқланди. Шунингдек аксарият саноат корхоналари ҳам газ таъминотидан узилди. Автотранспорт бензинга ўтказилиши муносабати билан республикада бензин ишлаб чиқариш ҳажми оширилмоқда, бензинга акциз солиғи бекор қилинмоқда.