Акциз солиғи бекор қилиниши эвазига АИ-80 бензин нархи арзонлашиши кутилмоқда

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев энерго ресурслари тақчиллиги бўйича энг кўп муҳокама қилинаётган саволларга жавоб қайтарди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Акциз солиғи бекор қилиниши муносабати билан автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчаларида АИ-80 бензин нархи 5500 сўмга тушиши кутилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев маълум қилди.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев энерго ресурслари тақчиллиги бўйича энг кўп муҳокама қилинаётган саволларга жавоб қайтарди.
АИ-80 бензини учун акциз солиғи бекор қилинди. Шу чора қўлланилганидан сўнг унинг АЁҚШлардаги нархи пасайиши кутилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, АИ-80 бензини учун акциз солиғининг бекор қилиниши ушбу маркадаги бензиннинг АЁҚШларда сотилаётган чакана нархини 1000 1200 сўмга арзонлашишига олиб келиши керак.
“Биржага чиқарилаётган ҳажмлар ҳам ортганлиги ҳамда биржада бошланғич нархдан 5 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолда нарх ошиши мукинлигини инобатга олиб, яқин кунларда АЁҚШларда 5500 сўмлик нархни кўришимиз мумкин”, дейди Шерзод Ходжаев.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида (ЎзРТХБ) ўтказилган биржа савдолари якунларига кўра АИ-80 маркали бензин нархи арзонлашди. Маълум қилинишича, бугунги савдоларда АИ-80 маркали бензиннинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 млн 140,4 минг сўмдан 6 млн 982,5 минг сўмгача, яъни 14 фоизга пасайди.