Радиочастотадан биргаликда фойдаланиш амалиёти жорий этилади

Депутатлар радиочастота спектридан фойдаланишда хавфсизлик ва самарадорлик шароитларини таъминлашга оид қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Телерадиоэфирда ахборот хавфсизлиги даражасини ошириш имкони яратилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Радиочастота спектри тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси радиочастота спектридан фойдаланишда хавфсизлик ва самарадорлик шароитларини таъминлаш, ахборот узатиш, шу жумладан ўта муҳим ахборот муҳитида – телерадиоэфирда ахборот хавфсизлиги даражасини ошириш имконини беради.
Радиочастота спектридан биргаликда фойдаланиш амалиёти қўлланилиши орқали юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига чегараланган давлат ресурсидан биргаликда фойдаланишга имконият яратилади.
Шунингдек, тегишли давлат органлари ва радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг жавобгарлигини ошириш ҳисобига радиоэлектрон воситаларнинг барқарор ишлаши учун шароит яратилади.
Ҳужжат қабул қилинча, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, давлат ташкилотлари ва бошқа радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг фаолияти қонунчилик асосида муҳофаза қилинади.
Шунингдек, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, радиочастоталарни режалаштириш, тайинлаш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиниши таъминланади.
Ҳужат биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди.