ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Футбол бўйича уч карра жаҳон чемпиони бразилиялик Пеле Франция терма жамоаси форварди Килиан Мбаппени 24 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида голлар сони бўйича ўзининг рекордини янгилагани билан табриклади. Бу ҳақда Sputnik Беларусь ёзмоқда.
Футболчи Қатардаги жаҳон чемпионатида бешта гол урди. Умумий ҳисобда Мбаппе 9 та гол урган. Етти голдан иборат аввалги рекорд Пелега тегишли эди.
“Раҳмат, Килиан Мбаппе. Бу жаҳон чемпионатидаги навбатдаги рекордимни янгилаганингдан хурсандман, дўстим!” деб ёзган Пеле ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Аввалроқ Мбаппе ижтимоий тармоқда Пеле ҳақида “Қирол учун дуо қилайлик” деб ёзган эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта 82 ёшли Пеле шифохонага ётқизилганди. Хабар қилинишича, Пеле 2021 йил сентябрь ойида ташхис қўйилган йўғон ичак ўсимтаси бўйича кимётерапия даволаш натижаларини қайта баҳолаш учун шифохонага олиб кетилган. Шу ҳафта шифокорлар Пеленинг соғлиғи ижобий тарафга ўзгараётганини маълум қилди.
Франция терма жамоаси жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқди ва унда Англия терма жамоаси билан ўйнайди. Французлар амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади.