ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Ғарб ҳар қандай йўл билан ўз ҳукмронлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда, Украина халқи бу интилишлар қурбонига айланди, деди Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва МДҲга аъзо давлатлар мудофаа идоралари раҳбарларининг йиғилиши иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Бундай ҳаракатлар оғир оқибатларини бугун Украинада кўриб турибмиз. Бир неча йиллар давомида Ғарб уялмасдан унинг ресурсларини сўриб олди ва ўзлаштирди, Донбассда геноцид ва террорни қўллаб-қувватлади, аслида бу мамлакатни мустамлакага айлантирди ва энди украин халқини Россияга қарши “тўп еми” сифатида ишлатмоқда. Украинани қурол ва ўқ-дорилар билан таъминлашни давом эттириш, ёлланма аскарларни юбориш уни ўз жонига қасд қилиш йўлига ундаяпти”, - дейди Владимир Путин.
Қўшма Штатлар НАТОнинг тажовузкор кенгайишига сармоя киритди ва амалда ўнлаб йиллар давомида яратилган стратегик барқарорлик архитектурасини йўқ қилди.
Тараққиётнинг муқобил моделларини чеклаш учун Ғарб ноқонуний санкциялар қўллаяпти, “рангли инқилоблар” технологияларидан фойдаланяпти ва ҳарбий можароларни қўзғатяпти, дейди Россия раҳбари.
Путин ШҲТ ва МДҲ доирасида доимий ахборот алмашиш ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, у тинчликпарвар қўшма миссияларнинг муҳимлигини таъкидлади.
Москва ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик анъаналарини қадрлайди ва бу соҳани янада ривожлантириш ниятида, дейди Россия раҳбари.
У учрашув иштирокчилари иши самарали бўлишини тилаб, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик Евроосиёда ва бутун дунёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашига ишонч билдирди.