Нархни оширган ва сифатсиз маҳсулот сотган “заправкалар”га бензин етказиб бериш тўхтатилди

Ҳозирда Ўзбекистондаги 2 000 дан зиёд бензин АЁҚШларга кунига ўртача 4000 тоннадан зиёд бензин етказиб берилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Нархни оширган ва сифатсиз маҳсулот сотган 299та автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчасига бензин етказиб бериш тўхтатилди.
Газ тўлдириш шохобчаларидаги вақтинчалик чекловлар, автобензин нархини ошишига олиб келмайди. Ҳозирда Ўзбекистондаги 2 000 дан зиёд бензин АЁҚШларга кунига ўртача 3 200 тонна бензин ўрнига 4000 тоннадан зиёд бензин етказиб берилмоқда.
Ўзнефтгазинспекция маълумотларига кўра, ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги АЁҚШларда АИ-80 бензин 8 минг сўмдан сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳолат ўрганилганда, Термиз шаҳридаги “ДОН” хусусий фирмасига тегишли АЁҚШ ҳақиқатдан ҳам нархни асоссиз оширгани тасдиқланган. Нархни асоссиз оширган АЁҚШга бензин етказиб бериш тўхтатилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархини сунъий ошириш ҳолатларини назоратга олиб, автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчаларини огоҳлантирганди.
Қайд этилишича, республиканинг айрим ҳудудларидаги АЁҚШларда AI-80 бензиннинг чакана нархлари ўртача 6 800 сўмдан 7 100 сўмгача ошганлиги кузатилмоқда.
Нархларни сунъий равишда ошириш ҳолати аниқланган тақдирда ушбу субъектларга белгиланган тартибда тегишли чора кўрилади.