ТОШКЕНТ, 9 дек - Sputnik. Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ масаласида биргаликда ишлашга тайёр, деди Россия президенти Владимир Путин Бишкекда бўлиб ўтган ЕОИИ саммитидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида.
"Қозоғистон ва Ўзбекистон газ масаласида биргаликда ишлашга тайёр ва ушбу фаолит аллақачон бошланган. Яқинда Ўзбекистон вакиллари Москвада бўлишди, Қозоғистондан ҳам келиши кутилмоқда"- деди Путин.
Россия президенти айтишига кўра Ўзбекистон ҳам Қозоғистон ҳам келгусида қўшимча энергия ресурсларига муҳтож бўлади, шунинг учун ҳозирдан қадамларни ўзаро мувофиқлаштириб олиш ва қўшимча чоралар кўриш зарур.
“Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Қозоғистон ҳам Ўзбекистон ҳам энергия ишлаб чиқарувчи, газ ишлаб чиқарувчи давлатлар. Улар келажакка қарайди ва тўғри иш қилади. У ерда жуда яхши иқтисодий жамоалар яратилган, барқарор сиёсий раҳбарлик ҳам бор. Ҳар икки давлат президентлари келгуси йилларда қанча энергия кераклигини ўйламоқда. Жумладан экспорт мажбуриятларини ва ўсиб бораётган ички талабни ҳам ҳисобга олган ҳолда, келажакда уларга қўшимча ҳажмлар қўшимча ресурслар керак деган хулосага келишмоқда.
Буларнинг барчаси, ҳозирдан қадамларни ўзаро мувофиқлаштириб олишни талаб қилади. Ва бу йўналишда қўшимча чоралар кўриш зарурлигини билдиради", - деди Путин.
Бу ерда енгиб бўлмайдиган бирорта тўсиқ йўқ, лекин бунинг учун экспертлар даражасида жуда тизимли иш олиб бориш ва тўғри ҳисоб-китоблар, молиявий келишувлар тузиш, давлатлар сармоя киритиши зарур.
Айтиш жоизки, барча давлатлар бунга тайёр. Ушбу қўшма ишни ҳамма хоҳлайди ва улар ҳатто сармояларга киртишга ҳам тайёр. Бу жуда яхши, катта истиқболли иш. Ва бу иш бошланди”, - деди Путин.
"Ўзаро келишилган ва эҳтимол, қаердадир муросали ечимларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни талаб қиладиган кўп масалалар борки, уларни аниқ топиш мумкин. Яъни, бу маънода қандайдир энергетик альянс бўлиши мумкин", - деди Путин журналистлар саволларига жавоб берар экан.
Эслатиб ўтамиз, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида газ иттифоқи тузиш ҳақидаги хабарлар ноябрь охирида Тоқаевнинг Москвага ташрифидан сўнг пайдо бўлган эди.
Шундан сўнг Ўзбекистон энергетика вазири 7 декабрь куни берган баёнотида республика қўшни давлатлардан газ ва электрни, иттифоқ тузмасдан, тижорат шартномалари асосида сотиб олишга тайёр эканини маълум қилган эди.
Бунга жавобан Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ иттифоқи тузиш ҳақидаги шартномаси фақат тижорат мақсадларни кўзлашини ва бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқлигини маълум қилган эди.