ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Долларнинг ҳукмронлик даври якунига етмоқда, деди Беларусь президенти Александр Лукашенко Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг Бишкекдаги йиғинида. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар берди.
У ЕОИИ олдида турган стратегик вазифаларни санаб, миллий валюталарда ҳисоб-китобга ўтиш шулардан бири эканини қайд этди.
“Нима бўлмасин иттифоқимизнинг қон томир тизимини соғломлаштириш лозим. Мен молияни назарда тутяпман. Барча тушуняптики: долларнинг ҳукмронлик даври якунланмоқда, келажак ҳисоб-китоблар миллий валюталарда амалга ошириладиган савдо блоклари билан боғлиқ. Беларусь ва Россия асосий савдода доллардан воз кечди. Бошқа ҳамкорлар ҳам бу жараёнга фаол қўшилиши муҳим”, - дейди Лукашенко.
Бошқа стратегик вазифалар қаторида у биргаликдаги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, ЕОИИнинг ички бозорида тўсиқларни бартараф этиш ва иттифоқнинг халқаро майдондаги обрўси ҳамда рақобатбардошлигини оширишни санаб ўтди.