Ўзбекистон ва ЕОИИ

Бишкекда ЕОИКнинг кенгайтирилган таркибдаги йиғилиши бошланди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 дек – Sputnik. Бишкекда Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлиси бошланди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Ушбу мажлисда Ўзбекистон бош Абдулла Арипов ҳам иштирок этади. Бироз олдин у Бишкек аэропортига етиб келгани ҳақида хабар берган эдик.
Аввалроқ давлатлар раҳбарлари тор доирада учрашган. Йиғилиш оммавий ахборот воситалари иштирокисиз ўтказилди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзининг қутлов нутқида ЕОИИ мамлакатлари раҳбарлари коронавирус пандемияси бошланганидан буён уч йил ичида биринчи марта шахсан учрашганини таъкидлади.
Саммит кун тартибидан Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятига оид масалалар, интеграция жараёнларини янада чуқурлаштириш бўйича йўриқномалар, товар ва хизматларнинг ягона бозори фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган. Президентлар, шунингдек, ЕОИИ ички бозоридаги тўсиқларни бартараф этиш, Ҳамдўстлик ҳудудида умумий газ бозорини шакллантириш ва БАА билан эркин савдо битимини тузиш бўйича музокараларни бошлаш масалаларини ҳам муҳокама қилади.
Йиғилишга Қирғизистон президенти Жапаров раислик қилмоқда. Унда Россия етакчиси Владимир Путин, Беларус етакчиси Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этмоқда. Кузатувчи давлатлардан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Абдулла Арипов ҳозир бўлиб, Куба Президенти Мигел Диас-Канел видеоалоқа орқали йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилади.
Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, тадбирни 150 га яқин хорижий ва 80 га яқин маҳаллий ОАВ ходимлари ёритиб бормоқда. -0-