Иннопром — 2023

Арипов ЕОИИ давлатларини “ИННОПРОМ”да иштирок этишга таклиф қилди

Кооперация алоқаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тезлаштириш муҳим, деди Арипов.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларини “ИННОПРОМ” майдончасидан фаол фойдаланишга таклиф қилади. Бу ҳақда 9 декабрь куни Бишкекда бўлиб ўтган ЕОИИ давлатлари раҳбарларининг кенгайтирилган йиғилишида сўзлаган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди.
“Биз сизларни ҳар йили Тошкент шаҳрида мамлакатларимиз ҳудудлари тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этган ҳолда саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш мақсадида ўтказиладиган “ИННОПРОМ” майдончасидан фаол фойдаланишга таклиф қиламиз”, деди у.
Арипов, шунингдек, ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг муҳим вазифаси уларнинг барқарор саноат ривожланишига ҳисса қўшадиган янги барқарор тикланиш занжирларини шакллантиришдан иборат эканлигини таъкидлади.
“Кооперация алоқаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тезлаштириш муҳим”, дея хулоса қилди у.
Эслатиб ўтамиз, учинчи “ИННОПРОМ” кўргазмаси 2023 йил 24-26 апрель кунлари бўлиб ўтади. Бу сафар қўшни давлатлар, Жанубий ва Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари компаниялари иштирок этади.
Кўргазма ташкилотчилари Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Саноат ва савдо вазирлигидир. Ўтган йили кўргазмага 10 мингдан ортиқ меҳмон ташриф буюрди. Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Тожикистон, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, Венгрия, Франция, Нидерландия, Италия ва Ҳиндистондан 200 га яқин компания “ИННОПРОМ” иштирокчиси бўлди.
Тадбир якунлари бўйича умумий қиймати 128 миллион долларлик 21 та шартнома имзоланди.