ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Америка Қўшма Штатлари ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари ҳар қандай ҳолатда ҳам Россияни кучсизлантириш ёки йўқ қилиш, шунингдек, бутун Евроосиёда хавфсизлик архитектурасини бузишни истайди. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев таъкидлади.
“Америка Қўшма Штатлари ва унинг НАТОдаги иттифоқчиларининг узоқ муддатли мақсади ҳар қандай ҳолатда ҳам мамлакатимизни заифлаштириш ёки йўқ қилиш, шунингдек, бутун Евроосиёда хавфсизлик архитектурасини бузишдир”, деди Патрушев Таиланд Миллий хавфсизлик кенгаши бош котиби Супот Маланийом билан музокаралар чоғида.
Суҳбатдошлар, хусусан, Осиё-Тинч океани минтақасидаги хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашди.
“Минтақадаги ҳарбий инфратузилманинг агрессив кенгайиши кескинликнинг янада кучайишига олиб келишини таъкидламоқчиман”, деди Патрушев.
Хавфсизлик масалалари бўйича Россия-Таиланд идоралараро ишчи гуруҳининг пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишида ҳам шу ҳақда сўз борди.
Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Александр Венедиктов учрашувда ғарбликлар томонидан қўзғатилган инқирозли жараёнлар фонида дунёда радикал мафкураларнинг, жумладан, тажовузкор миллатчилик ва неонацизмнинг тарқалиши билан бевосита боғлиқ бўлган террорчилик ва экстремистик таҳдидлар кучайишда давом этаётганини таъкидлади.