ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Тез кунда Вазирлар Маҳкамасининг стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга товарларнинг нархларини назорат қилиш ва барқарорлигини таъминлаш бўйича қарори қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабар берди.
Мазкур қарор лойиҳасига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси қуйидаги маҳсулотларнинг нархларини асоссиз оширилмаслигини назорат қилади:
45 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар (бензин, кўмир, металл, цемент ва ҳоказо);
10 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол маҳсулотлари (ун, гўшт, нон, шакар, ўсимлик ёғи ва ҳоказо).
Қўмита ушбу маҳсулотлар нархларининг ўзгариш динамикасини мониторинг қилади, уларнинг тебранишига таъсир этган омиллар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилади.
Нархларнинг асоссиз ўсиши, келишиб қилинадиган ҳаракатлар ва тил бириктиришлар ҳолатларини аниқлаш учун белгиланган тартибда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларнинг биноларига бевосита киради ҳамда омбордаги мавжуд захираларини хатловдан ўтказади.
Хатловда аниқланган маҳсулотларнинг ортиқча ҳажмини савдога чиқариш, асоссиз оширилган нархларни пасайтириш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома ва кўрсатмалар киритади.
Тақдимнома ва кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаган тақдирда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархини сунъий ошириш ҳолатларини назоратга олиб, автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчаларини (АЁҚШ) огоҳлантирган эди.
Ҳозирда қўмита томонидан автомобил бензини нархларини сунъий оширишга, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик мақсадида, биржа савдоларига қўйиладиган AI-80 маркали бензиннинг кунлик ҳажмларини ошириш ва нархларни барқарорлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.