ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Венгрия Европа Иттифоқи мамлакатлари доимий вакилларининг учрашувида Россияга нисбатан навбатдаги санкциялар тўпламига қарши чиқди. Бу ҳақда “Financial Times” газетаси исмлари очиқланмаган дипломатларга таянган ҳолда ёзмоқда.
“Улар (Венгрия вакиллари – таҳр.) яратиш мумкин бўлган ҳар ерда муаммо туғдиришмоқда”, - деган нашрга учрашув жараёни билан таниш бўлган юқори лавозимли амалдор.
Газета маълумотларига кўра, Будапешт Украина ва бошқа мамлкатларга қурол-яроғ етказиб беришни молиялаштирадиган ЕИ жамғармаси миқдорини ошириш таклифига ҳам қарши чиққан.
Европа комиссияси 7 декабрь куни Россияга қарши галдаги санкциялар тўплами жорий этилишини маълум қилди. Қора рўйхатга қарийб 200 жисмоний ва юридик шахс, 3та банк, 4 та телеканал, мудофаа-саноат мажмуаси компаниясини киритиш режалаштирилган. Бу Россияга қарши Ғарбнинг тўққизинчи санкциялар тўплами бўлади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ғарбнинг Россияга қарши янги санкциялар киритиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, мамлакат ўз манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳар қандай чекловларга муносиб жавоб қайтаришини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Россия санкциялар шароитида яшашга ўрганган.
Аввалроқ Венгрия бош вазири Орбан Европани Киевни ўйламасдан қўллаб-қувватлаш оқибатларидан огоҳлантирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Украинада махсус операция бошланганидан сўнг АҚШ бошчилигида Ғарб давлатлари Москвага нисбатан санкциялар босимини кескин кучайтирди. Россия экспорти соҳаси, банк ва бошқа соҳаларига нисбатан кескин санкциялар жорий этилди. Лекин ўтган вақт давомида улар кетилган натижага олиб келмади, рубль қуламади, Россия иқтисодиёти барбод бўлмади. Европа ва АҚШда эса санкциялар оқибатида электр энергияси, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошди.
Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини ва чекловлар бутун дунё иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтди. Россия раҳбарининг сўзларига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг асосий мақсади - дунёда миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир.