Тошкентдан йўлга чиққан Қорабайир отлар карвони Самарқандга етиб келди

Марафонда 20 нафар чавандоз Тошкент вилоятидан Самарқандгача 330 километр масофани босиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридан йўлга чиққан Қорабайир отлар карвони Самарқандга етиб борди. Отлар карвони Тошкент вилоятидан 330 километр масофани босиб ўтди ва 7 декабрь куни Самарқанд шаҳрига кириб келди.
Марафонда 20 нафар чавандоз Капитал, Юлдуз, Карол, Лимон, Мираж, Наврўз, Оқсарой, Олмос, Садаф, Цангар, Тўриқ, Қалдирғоч, Мамлюк, Сапсан, Истанбул, Комиссар, Барон, Граф, Бургут ва Тўфон лақабли тулпорлари билан иштирок этди.
“5-6 кун отда юриш чавандоздан мустаҳкам ирода, сабр-бардош талаб қилади. Ўз навбатида отлар ҳам узоқ сафарга чидамли бўлиши ва ўз вақтида уларга дам берилиши керак. Шу боис карвон иштирокчиларининг йўл давомида кайфиятини кўтариш, уларга руҳ бағишлаш мақсадида бахшилар томонидан “Гўрўғли” ва “Алпомиш” достонларидан парчалар, уларнинг машҳур отлари Бойчибор ҳамда Ғиркўк ҳақида термалар ижро этилди”, - дейди "Қорабайир отлари карвони" сардори Жаҳонгир Содиқов.
Чавандозлар Регистон майдонида тантанали кутиб олинди. Белгиланган манзилга етиб келган чавандозлар ва уларга ҳамролик қилганлар, фахрий ёрлиқ, пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қорабайир отлари карвони
Эслатиб ўтамиз, 2 декабрь куни Қорабайир отлари карвони Нурафшондаги янги “Smart city” ҳудудидан йўлга чиққан эди. Мазкур марафон йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.