Россия бизнесининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси қандай

Саноатчилар ва тадбиркорларнинг халқаро конгресси президентининг сўзларига кўра, Россия ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Саноатчилар ва тадбиркорларнинг халқаро конгресси президенти Артём Чайка Россия бизнесининг Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси ҳақида гапирди, дея хабар қилди Sputnik Қирғизистон.
Унинг таъкидлашича, Россия ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.
“Йирик қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Биргина 2010 йилдан 2021 йилгача жамланган Россия инвестициялари ҳажми тахминан 30,5 миллиард долларни ташкил этди. Марказий Осиё мамлакатларида 10 мингдан зиёд Россиянинг қўшма корхоналари фаолият юритади, улардан 900 мингта иш ўринлари яратилган”, - деди Чайка Бишкек Бишкек инвестиция саммитида.
Маълумот учун, сўнгги 5 йил ичида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш 170 фоизга ўсган. Жорий йилнинг 10 ойида ўсиш 30 фоизни ташкил этди. Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояларининг умумий ҳажми 13 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади.
Жорий йилнинг 10 ойи давомида мамлакатда Россия инвестициялари иштирокида 700 та янги корхона ташкил этилган. Ўзбекистондаги хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони бўйича Россия етакчи.
Айни пайтда Ўзбекистонда Россия компаниялари билан биргаликда нефть-кимё, энергетика, кон металлургия, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қиймати 20 миллиард доллардан ортиқ бўлган 200 га яқин лойиҳалар амалга оширилмоқда.