Ўзбекистон газ экспортини тўхтатди

“Ўзтрансгаз” бошқарув раиси ҳамма экспорт, жумладан, Хитойга қилинаётган экспорт 100 фоиз тўхтатилганини маълум қилди. Газ аҳоли истеъмолига йўналтирилган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. “Ўзтрансгаз” АЖ бошқарув раиси Беҳзод Норматов Ўзбекистон газ экспортини тўлиқ тўхтатганини маълум қилди.
“Ҳозир кунлар совиб кетгани, асосий мақсадимиз аҳоли хонадонига етказиб беришлигини инобатга олиб, ҳамма экспорт, жумладан, Хитойга қилинаётган экспорт 100 фоиз тўхтатилган. Бўшаган ҳажмлар аҳолига йўналтирилган”, - деди Норматов “Sevimli” телеканалига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, бу йил Ўзбекистон газ экспортини 2021 йилга қараганда 3 бараварга қисқартирган.
“Чунки Ўзбекистонда бир нечта электростанциялар қурилди. Иқтисодиётимиз ривожланмоқда. Газдан фойдаланаётган қувватлар пайдо бўлмоқда, аҳоли сони ўсмоқда, янги уйлар қурилмоқда. Буларни инобатга олиб, ҳар йили аҳолига етказиб бериладиган газ ҳажми 5-7 фоизга кўпайтириб берилади. Шунга қараб биз экспорт ва импорт ҳажмини режалаштирамиз”, - деди “Ўзтрансгаз” бошқарув раиси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент топшириғига асосан, бош вазир бошчилигида Ўзбекистон ҳудудида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилиб бориш Ҳукумат ишчи гуруҳи тузилган эди.