ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik. Декабрь охирида Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари раҳбарларининг норасмий саммитини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Россия президентининг халқаро ишлар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков брифинг давомида маълум қилди.
“Сизларни декабрь охирида, юзага келган анъанага кўра, Санкт-Петербургда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий, дўстона учрашуви бўлиб ўтишидан хабардор қиламан”, - деди Ушаков.
Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков йил охирига қадар МДҲ раҳбарларининг норасмий саммитини ўтказиш ғояси борлигини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтган эди. Саммитда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян қатнашган эди.
Унда кўп томонлама ҳамкорлик ва минтақавий шерикликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинган эди.