ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегация аъзолари Россия Федерациясида бўлиб, Татаристон Республикаси, Томск вилояти ҳамда Олтой ўлкаси ҳукумати раҳбарияти билан қатор учрашувларни ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Делегация ташрифи 28 ноябрь - 1 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Томск вилоятига ташриф давомида вилоят раҳбари ҳокими Тўра Боболов губернатор Владимир Мазур билан учрашди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегациянинг Томскка ташрифи
Вилоятлар раҳбарлари мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро кўмак асосида фан, таълим, тиббиёт, маданият ва меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш устувор аҳамиятга эга эканини қайд этишди.
Шунингдек, ташриф доирасида Сурхондарё делегациясининг Томск вилоятидаги йирик ишбилармон ва тадбиркорлар билан учрашувлари ҳам ташкил этилди. Сурхон воҳасида ишлаб чиқарилаётган ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида етиштирилаётган маҳсулотлар экспортини амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегациянинг Томскка ташрифи
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Томск вилоятида меҳнат қилаётган ватандошлар, меҳнат мигрантлари ҳамда бу ерда таҳсил олаётган талабалар билан учрашди. Учрашувда уларнинг таклиф ва муаммолари ўрганилди.
Сурхондарё вилояти делегацияси Олтой ўлкаси ҳукумати, Савдо-саноат палатаси, Фан ва таълим, Қишлоқ хўжалиги, Иқтисодиёт ва бошқа соҳа вазирликлари мутасаддилари билан учрашувлар ўтказиб, келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тегишли ҳужжатларни имзолади.
“Дунё” АА хабарига кўра, Олтой ўлкаси Савдо-саноат палатасида икки ҳудуд тадбиркорлари ва ишбилармонларининг “В2В” шаклидаги учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Унда савдо-иқтисодий йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама этилди. Мева-сабзавот ва енгил саноат маҳсулотлари экспорти, буғдой, ўсимлик ёғи, ёғоч каби маҳсулотлар импорти бўйича икки томон тадбиркорлари ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Сафар доирасида Сурхондарё вилояти тадбиркорлари Новосибирск шаҳридаги “РусАгроМаркет” улгуржи савдо марказида ҳам бўлишиб, марказ фаолияти, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишганлари баробарида вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини янада ривожлантириш юзасидан ҳамкорлик ўрнатиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Тўра Боболов Қозон шаҳрида Татаристон раҳбари Рустам Минниханов билан учрашди. Шундан сўнг, делегация аъзолари иштирокида кенгайтирилган тарзда музокаралар ўтказилди. Татаристон ва Сурхондарё вилояти ўртасида ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш, иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Татаристон раҳбари Рустам Минниханов
Учрашув давомида Рустам Минниханов Татаристон Сурхондарё вилояти билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини, сўнгги йилларда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқалар фаол ривожланиб, ўтган йилги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 200 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу кўрсаткич 34 фоизга ўсганлигини таъкидлаб ўтди.