Ўзбекистон ва Россия савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов Россия мамлакатдаги элчиси Олег Мальгинов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари даражасида Қўшма комиссиянинг 3-мажлиси, шунингдек, Самарқанд шаҳрида 1-2 декабрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес-форуми муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди.
Икки томонлама келишувлар ва иқтисодий лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари Қўшма комиссия йиғилишида 12 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланган эди.
Маълумот учун, сўнгги 4 йил ичида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 бараварга ўсди. Жорий йилнинг 10 ойида ўсиш 30 фоизни қайд этди. Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояларининг умумий ҳажми 13 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади.