Кўчмас мулк, автомототранспортни бошқа шахсга ўтказишда давлат божи миқдори камайтирилди

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун қабул қилинди - тавсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Кўчмас мулк, автомототранспортни бошқа шахсга ўтказишда давлат божи миқдорлари камайтирилди. Бу ҳақда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи ЎРҚ–808 сонли қонун қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, эндиликда давлат божи қуйидаги миқдорларда ундирилади:
Кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш
Кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ шартномаларни тасдиқлаганлик учун:
агар кўчмас мол-мулк Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида жойлашган бўлса, БҲМнинг 1 баравари (илгари кўчмас мол-мулкнинг умумий майдонига қараб БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача);
агар кўчмас мол-мулк бошқа аҳоли пунктларида жойлашган бўлса, БҲМнинг 50 фоизи (илгари кўчмас мол-мулкнинг умумий майдонига қараб БҲМнинг 50 фоизидан 1,5 бараваригача).
Мол-мулкни ижарага бериш
Мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ёки унга ўзгартишлар киритганлик учун:
мулкдорнинг хотинига (эрига), унинг ва хотинининг (эрининг) ота-онаси, болалари ва уларнинг эрига ёки хотинига, набираларига, бувиларига, буваларига, ака-укалари ва опа-сингилларига – БҲМнинг 10 фоизи (илгари БҲМнинг 25 фоизи);
жисмоний шахслар учун – БҲМнинг 25 фоизи (илгари БҲМнинг 50 фоизи);
юридик шахслар учун ёки агар тарафлардан бири юридик шахс бўлса – БҲМнинг 50 фоизи (илгари БҲМнинг 1 баравари).
Мол-мулкдан текин фойдаланиш
Мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун – БҲМнинг 25 фоизи (илгари БҲМнинг 50 фоизи) этиб белгиланди.
Гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини тасдиқлаганлик учун:
жисмоний шахслар учун – БҲМнинг 1 баравари (илгари шартнома суммасига қараб БҲМнинг 1 бараваридан 2 бараваригача);
юридик шахслар учун ёки агар тарафлардан бири юридик шахс бўлса – БҲМнинг 2 баравари (илгари шартнома суммасига қараб БҲМнинг 2 бараваридан 4 бараваригача).
қарз шартномаларини тасдиқлаганлик учун – БҲМнинг 25 фоизи (илгари шартнома суммасига қараб БҲМнинг 25 фоизидан 1 бараваригача).
Автомототранспортни бошқа шахсга ўтказиш
Автомототранспортни бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи қуйидаги миқдорларда ундирилади:
автомототранспорт воситалари учун – БҲМнинг 3 баравари (илгари транспорт воситаси двигателининг қуввати, яъни от кучига ва ишлаб чиқарилган санасига қараб БҲМнинг 2 бараваридан 10 бараваригача);
битта мототранспорт, мотоаравача, мотоқайиқ учун – БҲМнинг 25 фоизи (илгари ишлаб чиқарилган санасига қараб БҲМнинг 10 фоизидан 50 фоизигача).
Автомототранспорт воситаларини бошқаришга ва тасарруф қилишга оид ишончномаларни, шунингдек автомототранспорт воситаларидан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун:
мулкдорнинг хотинига (эрига), унинг ва хотинининг (эрининг) ота-онаси, болалари ва уларнинг эрига ёки хотинига, набираларига, бувиларига, буваларига, ака-укалари ва опа- сингилларига, жиянларига – БҲМнинг 50 фоизи;
бошқа шахсларга – БҲМнинг 2 баравари (илгари БҲМнинг 3 баравари).
Шунингдек, қарз шартномасидан келиб чиқадиган пул суммаларини ундириш тўғрисидаги ижро варақаларини берганлик учун давлат божи белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.