Биржа савдоларига импорт учун Қозоғистонда етиштирилган картошка қўйилди

Қозоғистоннинг сотувчи корхонаси томонидан Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида 20 тоннали лот билан иккита шартнома очилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Қозоғистонда етиштирилган жувел (Juwel) навли картошка Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг очиқ ички биржа савдоларига қўйила бошланди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти "ДЭН" қўшма корхонаси Олмаота шаҳрида жойлашган биржанинг хорижий савдо майдончаси орқали биржа савдоларига қўймоқда.
Сотувчи корхона томонидан биржада 20 тонналилот билан иккита шартнома очилган. Маҳсулотни етказиб бериш шартлари – FCA Қозоғистон, Оқмола вилояти, Аршали тумани, Константиновка станцияси (омборхонадан олиб кетиш) ва DAP Тошкент шаҳридаги омборхона.
Биржа савдоларида иштирок этиш учун биржада онлайн аккредитациядан ўтиш ва биржанинг брокери билан шартнома тузиш лозим.
Маълумот учун, "ДЭН" қўшма корхонаси 1993 йилда Қозоғистонда ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчиси ва экспортёри ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Олмаота шаҳрида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг Қозоғистондаги ваколатхонасининг очилган эди. Ваколатхонанинг очилиши биржа савдосининг бозор механизми имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчиларнинг икки қардош давлатнинг товар бозорларига ўзаро киришини осонлаштиришга қаратилган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-октябрь ойларида Ўзбекистон 16 та давлатдан қиймати 65,9 млн долларга тенг бўлган 404,1 минг тонна картошка импорт қилган. Унга кўра, Покистондан 258,2 минг тонна, Қозоғистондан 96,3 минг тонна, Россиядан 15 минг тонна картошка олиб келинган.