Фарғона водийсидаги "газ заправка"лар фаолияти тўхтатилди

Аҳоли, ижтимоий соҳа объектларининг табиий газга бўлган эҳтиёжи ортгани боис чеклов ўрнатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Бугун, 7 декабрдан бошлаб Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолияти номаълум муддатга тўхтатилди. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, об-ҳаво совиб кетиши туфайли аҳоли, ижтимоий соҳа объектларининг табиий газга бўлган эҳтиёжи ортгани боис уларга табиий газ етказиб бериш долзарб ҳисобланади.
“Шуни инобатга олиб, Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари бугун, 7 декабрь куни соат 11:00 дан вақтинча иш фаолиятини тўхтатди”, - дейилади компания хабарида.
Маълум қилинишича, вазият изга тушгач, одатий иш фаолиятига қайтилади. Компания келтирилган вақтинча ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.