Қиш фасли келиб атрофни оппоқ қор қоплади. Олдинда ҳамма орзиқиб кутадиган Янги йил байрами яқинлашмоқда, Тошкентда болалар учун байрамга қандай томошалар режалаштирилган? Sputnk мақоласи айнан шу ҳақда.
Ўзбек миллий қўғирчоқ театрида таниқли рус драматурги Оксана Розум муаллифлигидаги “Сеҳрли қарсилдоқ” (“Волшебная хлопушка”) спектакли саҳналаштирилмоқда.
Асарда мушукча ёз фаслида туғилган бўлади ва ҳаётида илк маротаба мўъжизаларга бой янги йил байрамини кутиб олади. Унинг дўстлари қуёнвой ва олмахон аҳил бўлиб, бир бирига ёрдамлашади.
Спектакль 24 декабрдан намойиш этилади. Болажонлар байрам арафасида Қорбобо ва Қорқиз билан ҳам кўришишлари мумкин.
“Режиссёр Эвелина Арипова янги йил байрами учун тайёрланаётган спектаклни шоу томоша бўлиши учун ёрқин мусиқалар, замонавий эффектлар ва рангли костюмлардан фойдаланмоқда. Болалар театрга келганида унутилмас таассуротлар билан кетишлари керак. Айниқса, саҳнадаги “жонли қўғирчоқлар” уларга янада улкан завқ бағишлайди”, - дейди театрнинг адабий бўлим мудири Икром Иркулов Sputnik мухбири билан суҳбатда.
Ўзбекистон давлат филармониясининг Шермат Ёрматов номидаги “Булбулча” болалар хор ва рақс ансамбли байрам учун болажонларга “Янги йил саргузаштлари” номли концерт дастурини тақдим этади.
Концерт дастури 25-27 декабрь кунлари 3 сеансдан Туркистон саройида бўлиб ўтади.
“Шоу-концерт дастурида кичкинтойлар севиб томоша қиладиган жаҳон мультфильмларининг машҳур қаҳрамонлари иштирокида мусиқий томошалар кўрсатилади. Ҳар бир мультқаҳрамон ўз характери, позицияси ва қобилияти асосида Қорбобо олиб келадиган совғаларга эга бўлади. Томоша жуда қизиқарли ва мароқли”, - деди “Ўзбекконцерт” ДМ ахборот хизмати раҳбари Аббос Эргашев.
Республика Ёшлар ижод саройида 22-24 декабрь, 6-8 январь кунлари “Musical” ёшлар театр студиясининг “Музюрак” (“Холодное сердце”) номли мюзикл томошаси намойиш этилади.
“Музюрак” – болажонларнинг севимли “Оппоғой ва етти гном” мультфильми асосида яратилган мюзикл бўлиб, ўзбек ва рус тилларида саҳналаштирилган.
“Musical ёшлар театр студиясида актёрлик йўналишини тугатган маҳоратли ёшлар билан ишламоқдамиз, шунингдек, жажжи актёрлар ҳам бор. Болалар билан ишлаш жуда қийин дейишади. Лекин бунга 100% қўшилмайман. Улар билан ишлаш мароқли ва осон, болалар катталар сингари алдашмайди ва юракдан ижро қилишади”, - дейди театр студияси директори, режиссёр Равшан Нурмуҳамедов.
Ҳозирда репертуарда асосан болалар учун “Рапунцель”, “Оловуддин”, “Маугли”, “Соҳибжамол ва махлуқ”, “Музюрак” каби эртак томошалар бор.
“Ҳар бир намойишда томоша зали болаларга тўлиб кетади, уларнинг кулгиси ва қарсаклари барибир бошқача, айниқса улар совғалар тўла қопи билан келаётган қорбобони учратишса янаям қувончга тўлишади”, - дейди режиссёр.
Янги йил байрами учун болаларга фақат театр томошалари эмас, балки унутилмас кинофильмлар ва мультфильмлар ҳам туҳфа этилмоқда.
“Бу йилги байрам унутилмас лаҳзаларга бой бўлади. 10 декабрдан бошлаб пойтахтдаги хусусий кинотеатрларда болажонлар учун “Чебурашки”, “Маша и медведь” мультфильми, ўсмирлар ва катталар учун “Аватар 2” кинокартинаси, шунингдек, “Чук ва Гек” кинокомедиясининг янги талқиндаги фильми намойиш этилади. Барча намойишлар рус тилида бўлиб ўтади”, - деди кинопродюсер Фаррух Тўлаганов.