ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтган халқаро туризм ярмаркасида тадбиркорлар мингдан ортиқ келишувларга эришишди. Бу ҳақда туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Тошкентда бўлиб ўтган “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент Халқаро Туризм Ярмаркаси якунига етди.
Ярмаркада дунёнинг 30 давлатидан 300га яқин хорижий компания ҳамда фирмалар иштирок этди. Шунингдек, Республиканинг барча ҳудудлари томонидан ҳар бир ҳудуднинг туристик салоҳияти ҳамда имкониятлари фаол тарғибот қилинди.
Тошкент шаҳридан ҳам туризм соҳасининг кўплаб ташкилот ва корхоналари вакиллари иштирок этишди ҳамда ўз хизматлари ва маҳсулотларини тарғиб қилиб, тадбиркорлар билан музокаралар олиб боришди.
Пойтахт тадбиркорлари томонидан умумий ҳисобда 84,2 млн долларлик 1 868та келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ярмарка “Ўзекспомарказ” кўргазмалар залида 30 ноябрдан 2 декабрга қадар давом этди. Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ ҳунармандчилиги кўргазмаси ҳам очилди. Бу йил ТХТЯ илк бор ҳомийлар кўмагида ўтказилмоқда. Санкт-Петербург кўргазма ҳамкорларидан бирига айланди. Ярмаркада Россия туроператорлари Ассоциацияси, хорижий ва халқаро сайёҳлик ташкилотлари ва агентликлари вакиллари иштирок этди.