ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Штаб ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Кунлар совиши муносабати билан мамлакатдаги тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигида узлуксиз иш олиб борадиган Штаб ташкил этилди.
Штаб маълумотларига кўра, 5 декабрь соат 08:00 дан 6 декабрь 08:00гача “Тез ёрдам”га 37 336 та чақириқ келиб тушди. “103” хизматида 2 733та тиббиёт бригадаси фаолият кўрсатди.
Энг кўп чақириқлар Андижон вилояти (4 491 та), Фарғона вилояти (4 450 та), Наманган вилояти (3 821 та), Тошкент шаҳри (3 665 та) ва Тошкент вилояти (3 178 та) дан келиб тушди.
Шифохонага 3291 нафар бемор ётқизилди. Уларнинг 2 462 нафари катта ёшдаги, 829 нафар эса кичик ёшдаги болалар.
Айтилишича, шу кунлари 2 568 нафар чақалоқ дунёга келди.
Вазирлик тасарруфидаги барча тиббиёт муассасалари ўз фаолиятини узлуксиз давом эттирмоқда.