Суғурта полисларини рўйхатга олувчи ягона ахборот тизими жорий этилади - янги қарор

Ҳукумат қарори билан Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тасдиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Йил якунига қадар суғурта полисларини рўйхатга олувчи ва уларнинг айланмасини назорат қилувчи ягона ахборот тизими жорий этилади. Мазкур тизм барча суғурта компанияларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 694-сонли қарори билан тасдиқланган тегишли низомда назарда тутилган.
Низомга кўра, суғуртанинг барча турлари (класслари) электрон шаклда сотилади ва расмийлаштирилади. Уларнинг ҳақиқийлигини текшириш суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида маълумотлар алмашинуви йўли билан суғурта ташкилотининг ахборот тизимида ва интернет ресурсида амалга оширилади.
Суғурта шартномасини тузиш учун суғурта ташкилотининг ахборот тизими орқали ариза берилади ва тегишли маълумотлар автоматик тарзда тўлдирилади.
Суғурта полислари рўйхатга олиниб, уларнинг айланмаси бўйича мониторинг олиб борилади.
Суғурта шартномаси Ягона ахборот тизимида рўйхатга олиш ва суғурта полисига ноёб рақам бериш орқали тузилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар амалга оширилади:
2023 йил 1 мартгача ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз расмийлаштириладиган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома онлайн тарзда юборилишини ҳамда кўриб чиқилишини амалга ошириш бўйича ягона мобил илова ишга туширилади;
2023 йил 1 июлгача ягона мобил илова орқали бошқа мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта даъволарига оид аризалар онлайн тарзда юборилиши ҳамда кўриб чиқилиши амалиётга жорий этилади;
2023 йил 1 июлгача “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Маълумот учун, президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, суғуртанинг барча турлари (класслари)ни электрон шаклда амалга оширишга рухсат берилган.