ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Россия Давлат педагогика университетида ўзбек маданият маркази очилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва Россия Маориф вазири Сергей Кравцов иштирок этди. Бу ҳақда РФ Маориф вазирлиги хабар берди.
“Ўзбекистон Республикаси билан тажриба алмашиш биз учун жуда муҳим. Шуни таъкидлашни истардимки, мактабгача таълимни ўрганиш Герцен университети деворларида талабга эга. Инсоннинг шаклланиши айнан шу даврдан бошланади. Биз яқинда Тошкентда А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг филиалини очдик ва мен бундай маданий алмашинув мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш учун фойдали, деб ҳисоблайман”, - дейди Сергей Кравцов.
Россия Таълим вазирлиги раҳбари, шунингдек, тажриба тариқасида Россиянинг ошпазлик санъати бўйича ихтисослашган бир қанча коллежларининг қизиқувчилари учун ўзбек ошхонаси бўйича курслар ташкил этишни таклиф қилди.
“Мана шундай қисқа муддатда бу ерда Шарқнинг, серқуёш Ўзбекистоннинг ажойиб муҳити яратилди. Биз бу макон икки давлат ёшларини бирлаштиришини хоҳлардик. Бундай маскан қардош халқларимизни миллий маданият ва анъаналарни сингдириш орқали бирлаштириши керак. Бу ерга келиб, қулайлик муҳитига шўнғишингизни, дўстларингизни бу ерга олиб келишингизни истардим”, - дейди Агриппина Шин маданият марказини очаркан.
Маълумот учун, тадбир Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги делегациясининг Санкт-Петербургга ташрифи доирасида ҳамда Санкт-Петербург ҳукумати кўмагида ўтказилди.
Россия Маориф вазири Сергей Кравцов 31 октябрдан 4 ноябргача Ўзбекистон Республикасида бўлганди. Ташриф доирасида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди, унда Россия Маориф вазирлиги раҳбаридан ташқари Ўзбекистон Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва Ўзбекистон Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди. Шунингдек, Сергей Кравцов Тошкентда Эрта ёшдаги болаларни парвариш қилиш ва таълим бўйича ЮНЕСКОнинг II Бутунжаҳон конференциясида нутқ сўзлади.
Ноябрь ойи охирида Тошкент шаҳрида “Замонавий мактабда ўқитиш методикаси: муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзусида умумий таълим муаммоларига бағишланган Ўзбекистон-Россия таълим форуми бўлиб ўтди. Россия Маориф вазирлиги Герцен университети билан биргаликда А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкентдаги филиали базасида форумни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этди.