ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат фуқароларининг чегарадан ўтишини соддалаштириш бўйича протокол имзолашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар берди.
Лойиҳа Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Жогорку Кенешнинг халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси йиғилишида тақдим этилган.
Вазир ўринбосари Айбек Ортиқбоевнинг сўзларига кўра, ҳар икки давлат биометрик паспортга ўтган, шунинг учун ID-картани кўрсатган ҳолда маълум муддатга давлатларга кириш мумкин. Илгари чегарадан фақат умумий фуқаролик (хорижий паспорт) ёрдамида ўтишга рухсат берилар эди.
Илгари 16 ёшгача бўлган болалар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига илова қилинган махсус варақни олишлари керак эди. Энди бу норма олиб ташланиб, болаларнинг умумий паспортидан фойдаланиш тартиби ўрнатиляпти.
Ҳужжат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 декабрь куни Бишкекка давлат ташрифи доирасида имзоланиши кутилмоқда.
Ортиқбоевнинг қўшимча қилишича, ушбу протокол фуқароларга мамлакатлар ўртасида хавфсиз саёҳат қилиш имконини беради.
Аввалроқ 9 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга сафар қилиши ҳақида хабар берган эдик.